Ўзбекистон футболи тарихидаги биринчи жаҳон чемпиони, халқаро тоифадаги спорт устаси Миржалол Қосимов Тошкент шаҳрида 1970 йилнинг 17 сентябрида туғилган. Ҳозир Миржалол Қосимов Тошкент жисмоний тарбия институтининг 3-курс талабаси, "Пахтакор”нинг ярим ҳимоячиси, СССР олимпиада футбол терма командаси аъзоси. Муштарийларимиз "Пахтакор” командасининг моҳир ўйинчиси Миржалол Қосимов билан ойнома орқали учрашиш истагида эканликларини билдиришган. Ҳатто андижонлик ўқувчи Нурланбек Нозимов Миржалолга атаб шеър ҳам ёзибди: Миржалол, эй Миржалол, Гол урасан бемалол... Майдонда тўп сурасан, Пойлаб туриб урасан, Миржалол, эй, Миржалол, Топгин, яна минг камол... Хатлардаги сўров-қизиқишларни инобатга олиб Миржалолни бу гал одатдагидек яшил майдонда эмас, балки муштарийларимиз саволлари майдонида тўп суришни таклиф этдик. У бажонидил рози бўлди. - Болалигингизда "Пахтакор” командасида ўйнашни орзу қилганмисиз, дейишибди. Рости, "Пахтакор”да ўйнашни хаёл қилиш уёқда турсин, ўйинларини онда-сонда кўрардим. 1979 йилда "Пахтакор” командаси ҳалокатга учраганда тўққиз ёшга тўлгандим. "Пахтакор”чилардан Михаил Ан, Владимир Фёдоров, Сергей Покотилов, Александр Корченов, Олим Ашуров, Шуҳрат Эшбўтаев, Равиль Агишев, Сирож Бозоров, Александр Чуркинларнинг чиройли ўйинларини ишқибозлар армон билан эслашади. Шундай экан, футболни ҳам бир санъат деб ҳисоблайман. Бўлмаса, стадиондаги минг-минглаб ишқибозларимизни жунбушга келтириб, миллион-миллион томошабинларни ойнаижаҳон орқали ром этиб бўлармиди?! Шу ўринда командамиз ишқибозларига (хафа бўлмасинлару) жиндай гинам бор. Нима учун "Пахтакор”нинг фақат қувончли кунларидагина бирга бўладилар-у, энг оғир дамларда тумандек тарқаб кетишади? Ахир, ишқибозларимизнинг мадади, бир оғиз илиқ сўзлари айнан шундай кунлардагина асқотади-ю! Футболни санъат дедим. Энди оёқдан чалиб йиқитиш, жарима майдонида атайин думалаб, ўйинни қасддан чўзадиган, қулай вазиятда турган ўз командадошидан тўпини қизғанадиган, майдонни рингга айлантириб юборувчи футбол "актёрлари”га муносабатимга келсак, ҳаётда турли хил қарашдаги, тоифадаги инсонлар бор экан, нима учун футбол бундан беистисно бўлиши керак. Ким билади дейсиз, балки ҳаётнинг ҳам, футболнинг қизиғи ҳам айнан шундадир. Футболда ҳар хил вазиятларга учраб қоласиз. Дейлик, сиз катта тезликда жарима майдонига тўп билан ёриб кирдингиз-у рақиблар ҳимоячиси сизни атайлаб чалиб йиқитади. Албатта, аччиғингиз чиқади. Аммо таъқиб қилишга ҳаққингиз йўқ. Бу – ўйин! Бир томондан ўйин ҳаками бунга йўл қўймаса, иккинчи томондан... Футбол футболку-я, аммо ҳаётда ҳам сизни чалиб йиқитганларида албатта бирор қолипга, пардага ўраб йиқитадиларки, ўша сизни чалиб йиқитганга ҳеч нима қилолмайсиз. Яхшиси, чалинтирмасликки ҳаракат қилишингиз зарур. Кўпроқ футбол қироли Пеле ва Марадонанинг ўйинлари менга ёқади. Бўш пайтларимда бадиий китоблардан мутолаа қилиб тураман. Афсуски, кўпинча китоб ўқишга унчалик кўп вақт ажратиш имкони бўлавермайди. Бир гуруҳ болалар жаҳон чемпионатидаги энг ёдда қоларли ўйин қай бири бўлган деб сўрашади. Энг қизиқ ўйин нигериялик тенгдошларимиз билан бўлган финал учрашуви десам, адашмайман. Нигерияликлар мусиқа садолари остида турли хил байроқларни ҳилпиратиб, миллий қўшиқларни баралла айтганларича майдонга тушишар экан. Бу билан улар рақиб томонга тазйиқ ўтказишмоқчи бўлишаркан. Рақибинг майдонга кўтаринки руҳда тушдими, демак, ўйини ҳам қовушади, кўпроқ ҳужумга эътибор беради. Ўйиннинг биринчи дақиқаларида ўзимизни йўқотиб қўймасликка, эс-ҳушимизни йиғиб олишга, ҳужумларни қайтаришга ҳаракат қилдик. Қарангки, чемпионатдаги биринчи ҳамда охирги ўйинни шу команда билан ўйнадик. Биринчи ўйинда ҳисоб дуранг – 1:1 бўлган бўлса, иккинчи ўйиннинг асосий вақтида ҳам шу ҳисоб такрорланди. Қўшимча вақтда ҳам ғолиб аниқланмагач, пенальтилар белгиланди. Рақибларимиз дарвозасини уч марта аниқ нишонга олган ҳолда ўз дарвозамиздан бир мартагина тўп ўтказиб юбордик. Шундай қилиб, командамиз ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони деган унвонни қўлга киритди. Баъзи бир кино мухлислари ўйинларни томоша қилишга келишса, футболчилардан кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган жасоратларни кутишади. Чунки "Биринчи қалдирғоч”, "Дарвозабон” фильмларида ўйинга кечикаётган ўйинчиларни парашютларда нақ майдоннинг ўзига тушириб кетишади, атиги тарвуз илиш машқини олган қишлоқлик бир йигитча Москванинг энг зўр дарвозабонига айланади. Кино кино-да! Ҳақиқий футбол бошқача. Ўйинга парашютда тушиш... Бошқа шаҳарга ўйин бошланмасидан бир кун олдин борилади. Жуда бўлмаганда, ўйинга бир соат қолганда етиб олган пайтларимиз бўлган. Футбол мактабини кўрмаган дарвозабонга келсак, 30-йиллар футболи билан ҳозирги футбол орасида олтмиш йиллик тажриба бор ахир. Кўпинча болалар хатларида келгусида "Пахтакор”да ўйнашни орзу қилаётганларини, футбол билан жиддий шуғулланиш мақсадида қайга бориб, кимга мурожаат этишни сўрайдилар. Уларга маслаҳатим: ота-оналарига, жисмоний тарбия ўқитувчиларига мурожаат этиб, шаҳар ёки туман спорт-интернатларига, мактабларига боришлари мумкин. "Гулхан” муштарийларига ўқиш ва ишларида омадлар тилайман. Энг аввало соғ бўлинглар. Суҳбатни Д.НУРУЛЛАЕВ уюштирган. "Гулхан” журналининг 1990 йил №12 сонидан, ФОТО: "Гулхан” журнали. "Pressing” сайти материал билан ўртоқлашгани учун истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Бухоро вилояти кенгаши аъзоси Умид Ҳакимовга миннатдорчилик билдиради.
|