Бугун
қиш фаслининг илк сешанбаси. Ўзбекистонда футбол газеталари нашрдан чиқди ва
энг биринчи эътиборни тортадиган жиҳат – кўпгина газеталар каби футбол
газеталарининг ҳам нархи ошган. Эндиликда энг кўп тиражга эга бўлиб турган
"Футбол Экспресс” ва "InterFutbol” газеталарининг сешанба сони 1200-1300 сўмни
ташкил этса, жума сони 600-700 сўм атрофида.
Бугун нашрдан чиққан "Футбол Экспресс” ўз
муқовасида асосий урғуни Ўзбекистон кубоги – 2012 ғолиби – "Бунёдкор” жамоасига
қаратган. Бош саҳифада шунингдек, Абдулхамидулло Расуловнинг Осиёда яна энг
яхши лайнсмени этиб топилгани ҳақида маълумот ва Анвар Бердиевнинг
интервьюсидан иқтибос ҳам келтирилган.
Ички
саҳифаларда дастлаб Осиёда йил лауреатлари ва Ўзбекистон кубоги финали ҳақида маълумотлар
келтирилган бўлиб, улардан сўнг "Ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар”
сарлавҳали мақола, кейинги саҳифаларда Анвар Бердиев, Адама Соро, Виталий
Денисов ва Ёрқин Назаров интервьюлари, "Йилнинг энг муҳим воқеалари” ўнлиги,
мавсум-2012 учун "Стадионлар рейтингги”, футбол таомномаси ҳақидаги материаллар
чоп этилган. Шундан сўнг 7 саҳифадан кўпроқ жой Олий лига – 2012 якунларига
аталган статистик маълумотлар учун ажратилган. Шунингдек, орада "Келди-кетдиларнинг
кўплиги мавқега путур етказади” номли мақола ва "Истеъдод” лойиҳаси доирасида
Шахзодбек Нурматов ҳақида маълумотлар берилган. Газетанинг ўзбек футболи учун
ажратилган қисмида мана шулардан иборат.
"InterFutbol”нинг
янги сони муқоваси тенг иккига ажралган бўлиб, биринчисида ОФКнинг йил
лауреатларидаги бизнинг ютуқларимизга, иккинчисида "Бунёдкор”нинг Ўзбекистон
кубоги-2012 ғолиби эканлигига урғу берилган.
Яна
3 ҳафтадан сўнг мингинчи сонини нашрдан чиқарадиган "InterFutbol”нинг кириш
саҳифаси доимгидек, ҳафта воқеалари хусусидаги мақола билан бошланган ва сўнгги
муҳим хабарларга ўрин берилган. Кейинги 4 саҳифа эса, Осиё футболи
лауреатларини таништириш, совриндорлар билан суҳбатлар ва мутахассислар
фикрларига ажратилган бўлиб, эътиборли томони, материалларни йил лауреатларини
тақдирлаш маросимида шахсан иштирок этиб қайтган "InterFutbol” бош муҳаррири
Аҳадхон Абдуҳамитов тайёрлаган. ОФК ҳақида келтирилган қисқа ва лўнда
маълумотлар ҳеч кимнинг эътиборидан четда қолмаса керак.
Кейинги
саҳифаларда, табиийки Ўзбекистон кубоги финали ва ҳафта янгиликлари берилган
бўлса, ундан сўнг нашрнинг ўзи аниқлаб келаётган ой лауреатларининг
навбатдагиси – ноябрь ойининг энг яхшиларига ўрин берилган. Шундан сўнг,
"Насаф” жамоаси легионери Андрей Переплёткинс ва "Андижон” аъзоси Элдор
Маматказинлар билан интервьюлар, клублар ўртасида ЖЧ ва якунланган мавсумнинг
"қизил” карточкалар бўйича статистикаси жой олган. Вилоят футбол
мактаб-интернатлари ҳаётини ёритиб келаётган нашр ҳодимлари бу сафар Наманган
вилоят футбол-мактаб интернетида бўлишган ва мактаб директоридан интервью олиб
қайтишган. Газетанинг ўзбек футболига даҳлдор қисми "Ютуқлар ўзимизники, аммо…”
сарлавҳали мақола ва 2004 йил маълумотлари билан якунланган
|