Лицейимда
Фатхулла ака исмли бир математика ўқитувчиси бўларди. Бизга дарc ўтмасдилар,
шунчаки, бир куни ўзимизнинг домла қандайдир сабаб билан кела олмагани учун
унинг ўрнига киргандилар. Қандайдир масалани икки хил йўл билан ечишни ўргата
туриб, унинг қаеридадир хато кетган, жавоб жуда узун сон чиққач: «Агар мана
шундай ишласак, мана шунақа хунук бир сон пайдо бўлади», деганди Фатхулла ака.
Соннинг хунуги бўлишини биринчи марта ўшанда эшитгандим. Тушунганим, қайсидир
соҳа қанчалик қизиқ ёки қизиқ бўлмаслиги ўша одам уни қанчалик яхши кўришига
боғлиқ экан.
Мен
ўшандан бери математик ҳисоб-китобларни «чиройли» ва «хунук» деб ажратишни
ўрганганим билан, баъзи-баъзида шеър ҳам ёзиб турадиган Фатхулла акадек
математикага қизиқиб кета олмадим. Шеър ёзиш истеъдоди каминада бўлмаса-да,
адабиётга, журналистика деган соҳаларга қизиқиш кучлироқ бўлди ва бугун мен,
қайсидир бир домламнинг мақтанишича, Ўрта Осиёда ягона ҳисобланган факультетда
таълим олмоқдаман. Муҳими бу эмас, муҳими, кеча мендан бир курс катта
факультетдошим футбол фанатизми ҳақида сўраб қолганди. Унинг саволларига жавоб
берарканман, эсимни таниганимдан кейин биринчи марта футболга тушганиму, Гейнрихнинг
голидан кейин кўзимдан ёш чиққанини ҳам айтиб берибман. Буни эслаб ўзим ҳам
кулдим, у — албатта — мазза қилиб кулди. Ҳозир эсласам ғалати, лекин ўзбек
футболининг 90 йиллиги муносабати билан уюштирилган Ўзбекистон миллий ҳамда
Япония клублар терма жамоаси ўртасидаги учрашув сўнгги дақиқаларида Гейнрих
томонидан киритилган гол ва ғалаба сабаб ҳақиқатдан ҳам кўзимдан ёш чиққанди.
2002 йил 13 ёшдаги, мағлубиятни ёмон кўрадиган, уни кўтара олмайдиган бир
болакай бўлганман. Кўзимдан ёш чиққанини ҳисобга олсак, ғалабани ҳам кўтара
олмас эканман ўшанда...
Бразилия
ва Шимолий Корея терма жамоалари ўртасидаги учрашувни бошидан кўрдингизми?
Мадҳия ижро этилаётган вақтда Шимолий Корея терма жамоаси ҳужумчиси Чонг Те
Сенинг ҳолатига эътибор бердингизми? У йиғлаётганди. Ҳақиқий аскардек мадҳияни
куйлаётгандан жамоадошларидан фарқли ўлароқ у кўзидаги ёшини тўхтата олмай,
қаерга яширишни билмай йиғлаётганди. Ҳали ўйин бошланмасидан йиғлаётганди.
Ўйинни шарҳлаб борган Давлат ака ҳақ гапни айтдилар — бу лавҳаларни кўриб туриб
эти жимирламаган одам бўлмаса керак.
Нега
йиғладийкин? Ўзидан ва Ўзидан бошқа ҳеч ким аниғини билмайди, лекин мен тахмин
қилиб кўрдим... Биздаги Хива, Бухоро, Самарқанд ёки Шаҳрисабзларга, Европадаги
Вена, Венеция, Милан ёки Парижларга нисбатан «очиқ осмон остидаги музей» деган
таърифни ишлатишади. Шимолий Корея деганда мен ҳам «очиқ осмон остидаги
музей»ни тасаввур қиламан. У Самарқанд ёки Венеция каби ўрта аср меъморчилиги
музейи эмас, балки ХХ асрдаги сиёсий ўйинларни ўзида жамлаган, нафақат
жамлаган, балки шу ўйинларни ташкиллаштирганлардан фарқли ўлароқ, ўйин
меваларини қандай бўлса шундай ҳолича сақлаб қолган, ёзувчи Эркин Аъзам таъбири
билан айтганда «чапаклар ва чалпаклар мамлакати» бўлган бир музейдир. Кўпчилик
у ҳақда билмайди, билганлар уни қирғинбарот қурол ишлаб чиқарувчилардан бири
сифатида билади холос... 15 июнь оқшомида дунё Шимолий Кореяда фақат
қирғинбарот қуроллар эмас, яхши футболчилар, уларни тарбиялай оладиган инсонлар
ва халқи учун йиғлай оладиган футболчиларни кўрди. Ўша, йиғлаган футболчи ўз
ватанининг бир бўлагини бу кун бутун жаҳон кўриб турганидан хурсанд бўлиб
йиғлагандир? У бутун саралаш давомида нима учун ҳаракат қилганини бирдан ўша
лаҳзаларда тушуниб етгандир? Тушунгани, ҳиссиётларини тўхтата олмагандир?..
Бразилия
гол урган вазиятда Майконга эътибор бердингизми? Робиньо қучоқлаб олган вақтда
ҳозиргина ҳисобни очган иккинчи рақам эгаси йиғлаётганди. ФИФА рейтингига кўра жаҳоннинг
биринчи рақамли жамоасининг энг асосий ўйинчиларидан бири ўша рейтингга кўра
жаҳоннинг энг кучсиз терма жамоаларидани бирининг дарвозасига гол уриб,
кўзидаги ёшни тия олмаётганди. Ғалати-а? Нега йиғладийкин? Шимолий Корея
дарвозасига гол уриш бразилиялик футболчининг йиғисига арзийдими? Эртага Кот
д‘Ивуар ёки Португалия терма жамоаси дарвозасига ҳам гол урса, Майкон кулмаса
ҳам, кўзидан ёш чиқмаса керак, негадир шунга ишоняпман. Ютқазиб қўйса ҳам
йиғламаса керак. Менимча, Майкон ўзи шарафини ҳимоя қилаётган юрт даражасини
билади; ҳимояси деворга ўхшаган Шимолий Корея дарвозасига гол ура олмаслиги
унинг термаси учун номуносиб иш эканлигини тушунади; ишқибозлар бунинг учун
кечирмаслигини ҳис қилади. 2:1 ҳисоби талабчан бразилиялик ишқибоз ва журналистларни
кўп ҳам хурсанд қилмаган бўлиши мумкин, аммо бутун ўйин давомида ҳимояда
ўйнаган жамоага қарши ўйиндан кейин ҳафа ҳам қилмаган...
Мен
ўтиб кетган саралашлар ҳақида гапирмоқчи эмасман. Жонга тегди. Янгиси келмоқда,
ўшанга тайёргарлик кўриш керак. Мен 2014 йилги жаҳон чемпионати финал босқичи
ўйинларида терма жамоамиз аъзолари — майли, йиғламасинлар — биргаликда, баланд
овозда, жўр бўлиб, самимият билан мадҳия айтаётганликларини кўргим келяпти.
Терма жамоамиз БАА, Гонконг каби (Баҳрайнни ушбу рўйхатга киритмасликка
охир-оқибат ўргандик, терма жамоамиз сабаб) жамоаларга қарши ўйинларда гол ура
олмаслигидан уялишини, йўқ, уялиб қолмаслик учун ностандарт қарорлар қабул
қилиб, дарвозани Майкон каби ишғол қилишларини кўргим келяпти. Токи терма
жамоамиз футболчилари Нестеров каби мағлубиятдан эмас, хурсандчиликдан
йиғлашсин... Биз ҳам!
Яхшиликда
кўришгунча! Яхшиликда йиғлашгунча!
Муҳрим АЪЗАМХЎЖАЕВ,
2010 йил 16 июнь, "Uff.uz” сайтидан.
|