Сўнгги
пайтларда футболимиздаги муваффақиятсизликлар, миллий чемпионатимиз савиясининг
тушиб бораётганлиги, терма жамоамизнинг мағлубиятларига сабаб изланар экан, асосан битта нуқтага
тақалиб қолинмоқда, яхни футболимиз пойдевори мустаҳкам эмаслигига.
Айтишларича, бизда асосий муаммо болалар футболида вужудга келмоқда ва гўё
футболчиларимиздаги иродасизлик, савиясизлик каби камчиликларнинг туби болалар
футболининг нотўғри йўлга қўйилганлигига бориб тақалмоқда.
"Бола
бошидан...” деган гап бор, бир қараганда ушбу мулоҳазаларнинг тўғрилигига шубҳа
йўқ, мунозара қилиб ўтиришнинг ҳам ўзи ғалати. Аммо, биласизми, бу масьулиятдан
қутулишнинг энг осон йўлидир. Чунки турма жамоа кўрсатаётган натижаларга ЎФФ ва
бош мураббий жавобгар, олий ва биринчи лига ўйинларига ПФЛ жавоб беради,
клубларимиздаги камчиликларни ўша жамоа рахбари ёки мураббийидан сўраб олишимиз
мумкин. Лекин йўналиш болалар футболига буриб юборилганда, саволларимиз
мавҳумлик ичига сингиб кетади, чунки бу соҳадаги муаммоларни ўз бўйнига
оладиган шахс йўқ. "Мактаблардаги жисмоний тарбия ўқитувчилари беэътибор”,
"Ота-оналар болаларини футболга қизиқтирмайди”, "Болалар компьютерга кўпроқ қизиқиб
кетишди” – бу ташхислар аслида ўта кулгули эмасми? Муаммони мана шу хулосаларга
боғлаш аслида ўша муаммо ечимини бир неча баробар қийинлаштириб, саволимизни
саров сари етакламайдими? Етаклайди!
Шунинг
учун муаммо сабаблари ва ечимларини ахтараётганда асосий урғуни барибир айнан
ўша ҳолат учун жавобгарликни ўз бўйнига олиб саҳнага чиққан ташкилот ва
шахсларга қаратавериш керак ва улар ўз вазифаларини қанчалик тўғри
бажармоқдалар, деган саволга жавоб берган маъқулроқ ва фойдалироқ чамамда.
Келинг,
болалар футболи ва терма жамоа таркиби ўртасидаги узун йўлни қўлдан келганча
таҳлил қилиб кўрайлик ва аслида муаммо нимада эканлигига ўз баҳоимизни беришга
ҳаракат қилайлик. Мақоладан ечим изламанг, мен буни беришга қодир эмасман.
Шундай мавзулар бўладики, ечим бериш шарт эмас, кўрсатилган ҳолатлардан воз
кечибгина ўша муаммодан халос бўлиш мумкин, холос.
1-БОСҚИЧ: БИТТА БАЙРОҚ, БИТТА «ЛАКАТИР»
Бу босқичлар гўёки бермуд учбурчаги
бурчакларига ўхшайди. Ҳар бурчагида ўнлаб, юзлаб истеъдод эгалари йўқолиб
бораверадилар.
Ҳар қандай мамлакатдаги оқилона
ишлар ва футболга бўлган эътибор ўша давлат футболига яхши натижалар олиб
келиши табиий. Аммо ҳеч қачон истеъдодларга тўлдириб юборишга қодир эмас.
Футболда хам биринчи бўлишни ахд қилган АҚШ 90-йилларда футболга жуда катта маблағ ташлади,
лекин барибир Бразилия бўлишнинг уддасидан чиқа олмади. Яъни мамлакат футболи
ривожланишида ўша мамлакатнинг этник хусусияти ва қизиқиши, оммавийлиги ва
туғма қобилияти ҳам катта аҳамият касб этади, буни сезиларли равишда кучайтириш
ёки пасайтириб юборишнинг сира иложи йўқ. Шунинг учун ҳам турли йиллардаги,
турли мусобақаларда турли терма жамоалар ғолиб чиққан бўлишса-да, футболда
етакчилар ўзгармайди. Мамлакат футболига бўлган катта эътибор эса ўша мамлакат
футболини ўта даражада кучайтириб юбормайди, балки мавжуд қобилият ва
салоҳиятдан максимал фойдаланиш имконини беради. Айни шу шаклда мамлакат
футболининг қайсидир даврда орқага кетишида ҳам асосий омил ролини пойдевор
эмас, балки иморатнинг юқори қисмидаги камчиликлар ўйнайди.
Ўзбек футболи доимо истеъдодли,
техник футболчиларга ва кучли ҳужумчиларга бой бўлиб келган. Юқорида айтиб
ўтганимиздек, ҳозирги кунимиздаги бу танқисликни асло истеъдодли
болаларимизнинг камайиб кетганлигига боғламаслигимиз керак. Хўш, 1-босқич
нимадан иборат?
Биринчи босқични боланинг спорт
мактабларига ташриф буюришидан тортиб, профессионал клублар назарига тушишигача
бўлган давр ташкил қилади. Ўйлашимча, айни шу давр футболида айтарли орқага
кетиш ёки ўзгариш кузатилгани йўқ. 14-15 ёшгача бўлган футболчиларни
тарбиялашда аввало боланинг техник имкониятларини очиш, тананинг бўлажак
футболчилик хусусиятларига сайқал бериш, болада спортча характер куртакларини
очиш ва дастлабки тактик билимларни бериш билан кифояланади. Болалар
мураббийининг асосий вазифаси шулардан иборат ва замонавий футболдаги янги
тактик йўналишлар, турли мураббийлик ғоялари улар учун керак эмас, десам
нотўғри бўладию, ҳар холда асосий ўрин эгалламайди. Хуллас, бу борада агар
футболимиздаги соҳаларни бир ипга тизиб чиқсак, болалар футболи бошқа
соҳалардан кўра ўз ишини бажариш бўйича илғорроқлар, деган бўлардим. «МЮ» ёки
«Барселона» талабидаги болаларни тарбиялаб бера олмаётган бўлишса-да, Осиё
миқёсидаги ҳамкасбларидан, айтайлик, Япония ва Австралиядан, худди терма
жамоамиз орқада қолиб кетгандек даражада орқада эмаслар.
Болалар футболининг маҳсули ёки
савияси таққосланганда ҳеч қачон мавжуд академия ёки спорт мактабларидаги
базаларнинг аҳволи, чимнинг сифати ёки чўмилиш хоналарининг нечта эканлиги
асосий роль ўйнамайди. Яъни бу борадаги устунлик, ҳеч қачон болалар футболидаги
устунликни белгилаб бермайди. Африкада ёки Лотин Америкасида футболни оёқ яланг
ўрганишади, Европада бола дастлабки тўпни тепишни бирор суперклубнинг спорт
мактабида амалга ошириши мумкин. Яъни ҳар бир давлатнинг ўзига яраша устунлик
ва йўналиши мавжуд, Ўзбекистонда кучли истеъдодлар чиқишини таъминлаш учун
10-15 та юқори сифатли футбол академияси қуриш керак, деган ғоя ўз мевасини
бериши керак. Бизда энг асосий муаммо ўша тайёр ҳолатга келган болаларнинг
профессионал футболчига айланиш нуқталарида.
Хўш, клубларимиз билан алоқалар қай
даражада? Ушбу болалар клубларимиз назарига тушишлари қанчалик осон ёки мушкул?
Юқоридаги сарлавҳани бекорга келтирмадим. «Темир хотин» асаридаги Қўчқор ака хар
бир қишлоқда «лакатир» бўлиши кераклигини ва унинг вазифаси
ўша қишлоқдан чиқаётган электромагнит тўлқинларини қабул қилиб туриши
лозимлигини зўр бериб хотинига тушунтиради. Бизнинг футболда электромагнит тўлқинлари чиқяпти, яъни
истеъдодли болалар мавжуд ва бўлади. Хўш, уларни қабул қиладиган футбол
жамоалари ҳар бир туманда, қишлоқда борми?
Нега истеъдодли футболчилар 10-15
йил олдингидан кўра камайиб кетди, деган саволга жавоб тариқасида айтишим мумкинки, ўша
даврларда олий лигадаги 16-18 жамоадан ташқари, 1-лигада 26-28 та жамоа мавжуд
бўлган. 2-лига эса ҳозирги биринчидан ҳам қизиқарлироқ кечган. Агар бола
истеъдодли бўлса, бемалол мавжуд жамоаларнинг қарамоғида ўзини кўрсатиши ва
юқорига интилиши мумкин-ку, деган савол туғилади. Шуни таъкидлашни истардимки,
ҳар қандай истеъдод ҳам Марадона ёки Пеле каби 16-18 ёшда порлайвермайди.
Зайниддин Зидан 22-23 ёшда Европа миқёсидаги ўйинчи (ҳали юлдуз эмас)
даражасига чиқди, Али Даи эса 24 ёшдан бошлаб профессионал фаолият билан
шуғуллана бошлаган. Зайниддин Тожиевни ҳам биз 23 ёшида таниб олгандик. Кимдир
Шоҳжаҳон Ҳасановга ўхшаб ёшлигидан ўзини кўрсатиб, ҳамманинг назарига тушар,
аммо йиллар давомида сайқаллашиб борадиган қобилият соҳиби — футболчига айланиш
учун шароит борми бизда?
Бир неча йил олдин ҳозирда терма
жамоамизга номзод саналган Руслан Мелзиддиновнинг интервьюсидан ниҳоятда
таъсирлангандим. У 15-16 ёшли ўсмирлар ўртасида республика миқёсида кечган
турнирда қўқонлик тенгқурлари билан ғолиб бўлганини тўлқинланиб гапириб берган
ва журналистнинг «Ўша жамоада кимлар бор эди?», деган саволига:
— Уларнинг ичидан битта мен
«Нефтчи»да ўйнай бошладим, бошқалар футболни ташлаб, ўзга касбга ўтиб кетишди,
— деб жавоб берганди.
Сурхондарё ўлкасининиг қанчалик
истеъдодларга бой эканлигини яхши биламиз. Хўш, ўша қишлоқлик болакай, қандай
қилиб, қайси клуб аъзосига айлана олади? Бутун вилоятда бирорта ҳам
проффесионал клуб йўқ-ку! Тўрақўрғонлик янги Солиев қандай қилиб тезлик билан
«Навбаҳор» аъзоси бўлиб, гол уришни бошлайди? Клуб селекционерларининг ишлаш
услубларини тасаввур қиламан, (бу ҳақда пастда батафсилроқ) нари борса ўша
вилоятлар спорт мактабларига боришади, «яхши болаларингизни кўрсатинг»,
дейишади, 2-3 та ўйинда кузатгач, 2-3 тасини саралаб олишади. Қолган 200-300
таси эса футболни ташлаб юборишаверади. Қўқонлик бир болалар мураббийи билан
гаплашганимда, у шогирдларини клубларга тавсия қилавериб, қийналиб кетганлигини
айтиб ўтганди:
- Болаларни олиб бораман, иккига
бўлиб, ўйнатиб кўришади ва дарров хулоса чиқаришади. Баъзида «эртага келинг»,
«келаси ойга хабар олинг», дейишади, гўёки бу ишдан мен манфаатдордек. Мен ҳеч
қандай моддий рағбатни умид қилмайман, шогирдларимнинг кучли жамоаларда ўйнаб
кетиши мен учун катта бахт. Келажаги мавҳум бўлган болалар ота-оналарининг
«энди нима бўлади?», деган саволига жавоб бера олмайман.
Тўғри-да, бу ҳолатда футболни
ташлаб, бошқа касбга ўтиб кетаётган ёшларни нима тўхтатиб қолади? Мавҳум
келажакми? Ахир футбол ҳам энг аввало бир касб эканлигини тан олишга мажбурмиз.
Агар туманларда жамоалар бўлса ва 1-лига кучайса, футболчида ўзини кўрсатиш
учун 1 -2 соат эмас, жуда кўп вақт ва шароит бўлади. Энг аввало, келажак
мавҳумлик тубида қолиб кетмайди.
Бизнинг ҳолатимизда болалар
мураббийи ўз шогирдларини ва ўзининг фаолиятини намойиш қилишнинг бошқа
усулларини топишга мажбур бўлади. Эътибор тортиш учун шогирдлари ёшини
кичрайтириш йўлига ўтади. Қайси биридан сўрасангиз, «ёши кичрайтирилаётган
бошқа жамоалардан ўз шогирдларимни ҳимоя қилиш учун мажбурман. Буни қилмасам, меникилар назардан четда
қолишлари мумкин», деб ўзларини оқлашади. Гўёки, гўшт ёки бензин сотаётганда,
«менинг тарозим тўғри» деб ғалати миннат қилинаётгандек, баъзи футболчилар
ҳақида, «бунинг ёши тоза» деган гапларни ҳам эшитиб турамиз.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки,
«Янгиер» бўлмагунча Сирдарёдан янги Нўъмон Нурматов чиқмайди.
2-БОСҚИЧ:
ЧЕМПИОНЛИК ФАЛОН ПУЛ!
2-босқич
футболчининг маълум бир клуб аъзосига айланиш жараёнидан, то ўша клубнинг
асосий таркиб футболчисига айланиш давригача бўлган паллани ўз ичига олади. Бизда ўринбосарлар таркибидаги ёш
футболчига асосий таркибдан қўрқмасдан жой бериш ҳолатлари жуда кам учрайди ва
бунинг ўзига яраша сабаблари мавжуд.
Юқоридаги муаммолар мавжуд ҳолатида
ҳам олий лига жамоаларининг юртимиз бўйлаб селекция ишларини йўлга қўйишларига
ва ёшларни қидириб топишларига шароит бор. «Арсенал» клубининг трансфер сиёсати
ўз навбатида Африка ёки Франция футболининг ривожига ҳам катта ҳисса
қўшаётганидек, клубларимизнинг ғалаба, медаль ёки кучли футболчини пул билан
ўлчамасликлари ҳолатида бизда ҳам футбол янада оммавийлашиши ва туманлардан яна
истеъдодлар чиқиши мумкин эди.
Яқинда «НТВ+» да Қурбон Бердиевни
кўрсатишди. Интервью баробарида «Рубин» клуби базасидан ва болалар жамоаларидан
лавҳалар беришди. Шуниси таҳсинга сазоворки, Бердиев ўша турли ёшлардаги
жамоалар аҳволи, у ерда етишиб чиқаётган ёшлардан тўлиқ хабардор ва қайсидир
маънода жамоа келажаги пойдевори ҳақидаги тушунча унда мавжуд. Албатта, юқори
савияли турнирлардаги иштирок четдан юлдузларни жалб қилмасдан туриб амалга ошмайди,
аммо ўша йўлга қўйилган тўғри тизим оқибатида Бухаров, Резянцев, Бистров каби
ёшлар чиқиб келаверади. Бу борада «Пахтакор»нинг ишлари таҳсинга лойиқ. «Нефтчи» ва «Насаф»ни қониқарли
деса бўлади. Эътибор берган бўлсангиз, бу жамоалар ўз сиёсатини ҳадеб
ўзгартиравермайдиган ва мураббийларга ишонч ва етарли муддат бера оладиган
жамоалардир. Мана шу боғлиқликдан биз муаммонинг асл иллатини билиб олишимиз
мумкин.
Бизда
аксарият ўртамиёна жамоаларнинг ривожланиш режалари асосан бир йилни ташкил
қилади. Мураббий
тайинланади ва жамоанинг ўша мавсумдаги олиши керак бўлган ўрни, ўйини талаб
сифатида қўйилади. Ҳомийларнинг натижа талаб қилишлари табиий, аммо бу хилда
қараш мураббий фаолиятини чеклаб юборади.
Хўш, илк мавсумдаёқ қатъий
шартларни бажариш керак бўлган мураббий учун энди ўша жамоа ёки вилоят ёшлари
салоҳиятини ўрганиш, жамоанинг ривожланиш режасини ишлаб чиқиш, истеъдодларни
таркибда ўйнатиш орқали ички потенциалдан максимал фойдаланиш учун вақт борми?
Ахир бу изланишлар қимматга тушиши ва 4-5 та мағлубиятдан сўнг унга чиқиш
эшикларини кўрсатиб қўйишлари аниқ-ку!
Мураббий нима қилади? Уям «аҳмоқ
эмас», ўз қадрини ва номини яхши билади. Ҳомийга «агар кучли олтиликка кирмоқчи
бўлсангиз (ёки олий лигада ўрнингизни сақлаб қолмоқчи бўлсангиз), буни бажариш учун
фалон-фалон футболчиларни менга олиб беришингиз керак, олий лиганинг ўз
қоидалари мавжуд ва олий лигада натижа олиб берадиган баъзи футболчиларсиз ҳеч
нарсага эришиб бўлмайди», дейди. Бундан ташқари хакамларга эътибор қаратиш ҳам
ёзилмаган ва исботлаб бўлмайдиган ҳолатдардан бири.
Мураббий ўзининг шароитида олий
лигада муваффақият қозонишнинг ягона йўлини мана шунда кўради ва у ҳақ. Олий
лигада ҳали синалмаган ёш футболчига кўпроқ имконият бериш, маҳаллий ёшларнинг
таркибдан босқичма-босқич ўрин эгаллаб боришларини таъминлаш улар учун катта
таваккалчилик. Чунки буёқда натижага путур етиши мумкин. Албатта, кўп бор айтиб
ўтганимиздек, клуб учун энг аввало натижа туриши керак, аммо шароитдан келиб
чиқиб, жамоанинг бир неча йиллик ривожланиш дастурини ишлаб чиқиш,
аста-секинлик билан кўзланган мақсадга етиб бориш ҳам молиявий жиҳатда-н, ҳам
билвосита мамлакатимиз футболи учун фойда келтиради.
Ҳатто «МЮ», «Барселона» каби пули
кўп клублар ҳам баъзан ортга чекинишади, келаси йил учун бу йилни қурбон
қилишади. Аслида ўша жорий йилда ҳам транфер учун катта пул сарфлаш орқали
таркибни кучайтириб олиш имконияти бўлса-да, мураббий ўз ғоясини татбиқ қилиш
орқали янги юлдузлар кашф этилади ва 6у клубга катта иқтисодий фойда келтиради.
Бекхэмни «Реал»га бериб юбориб, ўрнига кўпчилик талаб қилгандек Роналдиньони
эмас, Роналдуни сотиб олганлиги клубга қанчалик иқгисодий фойда келтирганлигини
ва шу қаторда ЕЧЛ кубоги соҳибига айланганлигини эслаш кифоя. Ёки 1989 йилдаги
Садириннинг ЦСКАсини яхши эслайман. Ёшларни харбий хизматга чақириш орқали
таркиб тузиш имкониятига эга бўлган Садирин ўша вақтда мамлакат ёшлар терма
жамоаси таркибида тўп сурган Ерёмин, Татарчук, Брошин, Корнеев (Қосимов учун
ҳам роса ҳаракат қилишганди) каби футболчиларни таркибга жалб қилди ва атроф билан
ҳисоблашмасдан ўйнатаверди. Жамоа ҳатто 1-лигага тушиб кетди. Аммо тезда олийга
қайтган ЦСКА 1990 йилда кумуш медални қўлга киритган бўлса, бир йил ўтиб уларга
рақиблик қила оладиган жамоа топилмади. Армиячилар ҳам кубокни, ҳам мамлакат
чемпионлигини нишонладилар. Бу ғалабаларда ҳам, албатта, мураббийнинг ғояси,
бир неча йиллик режа ётарди.
Афсуски, биздаги аксарият
мураббийларда бу шароитнинг йўқлиги, аввало тезда келадиган натижани ўйлашга
мажбур бўлишлари оқибатида ёш футболчиларга эътибор қаратиш ва кўпроқ майдонга
туширишдан қўрқиб қолишган. Олий лига ўйинчиси деганда маълум исм-шарифларни
эшитаверамиз. Чемпионлик керакми, унда Жепаров, Кападзе, Аҳмедов, Ҳасанов, бронза деганда
Тўраев, Саидов, Каримов, Жиямуродовларни, ўртамиёна деганда Жадигеров, Мирхолдиршоев,
Юнусов, Навкаровларни тушунишга ўрганиб қолганмиз. Гўё натижалар фақат ва фақат
мана шу фамилиялар остига яширингандек.
Бу эса аслида спорт тури бўлган
футболда молиявий назария яратмоқда. Маълум футболчиларсиз медаль олиб
бўлмайди, катта пулсиз «Бунёдкор»ни ютишнинг сира иложи йўқ, деган назариялар
айнан мутахассисларимиз томонидан айтилиши ҳомийларни ҳам футболдан бездиради
ва биринчи БОСҚИЧда тилга олинган муаммолар юзага келади.
3-БОСҚИЧ:
ҒОЯСИЗ ҚОЯЛАР
Хўш, ўша дастлаб тилга олган
футболчимиз иккита босқични босиб ўтиб, олий лига клубининг асосий ва
алмаштириб бўлмас футболчисига айланди ҳам дейлик. Энди у етарли ўйин амалиёти
ва рақобат туфайли йилдан-йилга кучайиб борадими? Халқаро майдонда терма
жамоамиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган даражадаги ёки чет эл клублари
талабини қондира оладиган савияга чиқа оладими? Йўқ!
Ўтган йилги мавсумга бир назар
ташлайлик. Бир йил давомида ўтган йилги савиясидан бир поғона юқорига кўтарила
олган футболчини кўрдингизми? Агар терма жамоамизга номзод бўлган футболчилар
ичидан қидирилса (аслида ўсиши шарт бўлган қатлам бу), шахсан мен фақат иккита
номни кўраман - Андреев ва Ҳасанов. Бошқаларнинг ўйинида пасайиш бор, нари борса ўтган йилги
савияда ўйнашди холос. Бошқа клублардаги ўсиш чегараси оқибатда терма жамоага
номзод сифатида қайд этилиш билан ўлчанадиган бўлса, улар кўп эмас. Нари борса
ҳар клубда биттадан.
«Нефтчи» мураббийи Саркисяннинг
ёшларни кашф этиш ва ички имкониятилардан оқилона фойдаланиши ҳақида жуда кўп
мақтовли гаплар айтилади. Ҳақиқатдан ҳам ҳар йили «Нефтчи» таркибида янги ном
порлайди ва у олий лиганинг етакчи футболчилари қаторида тилга олина бошлайди.
Яъни Саркисян жамоасида юқорида тилга олиб ўтилган 2 та босқич яхши амал
қилади. Аммо...
Нега ўша Алижонов ҳам, Холиқов ҳам
бошқаси ҳам кейин ўсишдан тўхтаб қолишади? Адашяпсиз, Саидов Жепаровдан зўр,
дея кўрманг. Балки зўрдир, аммо ўша Саидов ҳам 2003 йилда ёшлар ўртасидаги
жаҳон чемпионатида ўйнаган савиясидан ўта сезиларли даражада юқорилаб кетгани
йўқ. Бири жарохат олади, бошқаси яна бошқа сабаб. Оқибат барибир бир хил. Қотиб
қолишади битта нуқтада. Мен нисбатан олганда барқарор таркибга эга бўлганлиги
учун «Нефтчи»ни мисол келтирдим, аслида барча жамоаларда шу ҳолат. Сабаби
шундаки, жамоаларимиз ўйинида, тактик услубида ўзига хослик йўқ, изланиш ва ғоя
ҳаминқадар. «Сандерленд» ёки «Палермо»га ўхшаб, гранд рақибини ҳеч бўлмаса
битта ўйинда тактик томондан боши берк кўчага қамай оладиган мураббийлик
изланишлари йўқ! Футболчиларнинг очилмаган қирраларини кашф этадиган, маълум
нуқта сари йўналтирадиган ва анор сувини сиққандек футболчининг борини сиқиб оладиган мураббийлик
билими йўқ бизда!
Шунинг учун ҳам Сколарининг Жасурни
сал марказроққа ўтказиши барчанинг ҳайратига сабаб бўлди, аслида замонавий
футболда Эшли Коулнинг ҳам дарвозабон билан бирга-бир чиқишини ҳам, Рунининг
сўнгги ҳимоячи зонасида тўпни эгаллаб олаётганлигини ҳам хотиржам кузатамиз-ку!
Шунинг учун ҳам Одил Аҳмедовнинг ажойиб техникаси ва ҳали 70 фоизи очилмаган
потенциалидан мураббийларимиз бирор натижа чиқара олишмаяпти. Кучли рақиб билан
ўйинларда ундан фойдалана олмаяпмиз. Айб футболчидами? Йўқ! Асло.
Сабаб шундаки, мураббийларимизда
ўтириб ишлашга, жаҳон футболи тараққиёти қаерга қараб кетаётганлигини
ўрганишга, ҳамнафас бўлишга вақт йўқ. ПРО лицензиясига ўқиш давомида футбол
билан яшаш, кейин эса ўйинчиларига ойлик етказиб бериш учун ҳомийлардан пул
истаб ёки мутасаддилардан ҳомий излаб сарғайиб туриш билан нима ўзгаради?
Назария амалиётга татбиқ этилиши учун уларда етарли шароит йўқ-ку! Вали
Султонов «Рўзим иши»нинг икир-чикирлари билан эмас, жамоа услуби устида ишлаши
керак, назария бўйича. У нима қилсин? Қачон излансин?
Рустам Акрамов тўғри таъкидлаб
ўтди, чет эллик машҳур мураббийлар футбол борасида илмий изланишлар олиб
борадилар, клублари билан биргаликда ўз устиларида ишлайдилар, бўлаётган
ҳодисаларга ўз қарашларини баён қиладилар. Аммо бизнинг мураббийларнинг бунга
вақтлари йўқ.
42-43-саҳифаларда бериб борилган
мозий юлдузлари ҳақидаги саҳифани ёритиш асносида кўп юлдузларнинг кашф
этилишидаги асосий омилнинг гувоҳи бўлдим. Бу мураббий экан. Мураббий
кўрсатмалари ва руҳий мададлари туфайлигина дунё футбол афсоналарига эга бўлган
экан. Бирортаси «Мен ўқиган академияларда шароит зўр эди, бир неча хил бутсам
бор эди, шунинг учун футболга қизиқиб, кучайиб кетдим», деган гапни тилга
олгани йўқ. Мен бу билан футбол мактабларининг кераги йўқ, яна орқага қараб
кетайлик, демоқчи эмасман, фақат муаммо илдизини ахтаришда ва ечим беришда бу
шароитларни асосий планга олиб чиқиб қўймаслик керак, демоқчиман холос.
Болалар футболи эса ўз ишини
қилмоқда. Ҳар ҳолда мен шундай деб ўйлайман. Болаларимизни айблашдан олдин,
ташқарига чиқинг, уйингизга энг яқин бўлган стадионда икки соат вақтингизни
ўтказинг. Голини жаҳон футболи юлдузларидек нишонлаётган ҳужумчиларни ҳам, ўз
дарвозасига гол уриб қўйиб, йиғидан тўхтай олмаётган ҳимоячини ҳам, ўти ўсмай
қолган дарвоза тагида ҳар бир тўпга ўзини аямай ташлаётган дарвозабонни ҳам
кўрасиз, албатта. Уларнинг кўзларига қаранг-да, ўзингизга савол беринг. Бу
болаларнинг келажакка бўлган умидидан қайси виждон билан маҳрум қила оламиз?
Мен жавоб бера олмадим.
Қаҳрамон АСЛАНОВ,
"Чемпион” газетасининг 2010 йил 26 январь, №4 (76)
сонидан.
|